Ҳолдинг

From Vikipediya

Ҳолдинг, ҳолдинг компания (инглизча: ҳолдинг – эгалик) – асосий фаолияти корхоналарнинг аксияларини ўз тасарруфига олиш орқали уларнинг ишини назорат қилиш ва бошқаришдан иборат бўлган компания, бош корхона. Ҳолдинг таркибида асосий корхона ва шўба корхона ёки бир неча шўба корхоналар мавжуд бўлади. Холдинг компаниянинг ўзи ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланмаслиги мумкин, лекин кўп ҳолларда Ҳолдинглар аксияларни бошқариш билан бир қаторда молия-кредит, савдо, транспорт ва бошқа фаолият турлари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланади. Иш оқилона ташкил этилганда ҳолдинг ягона илмий-техника, инвестиция, ташқи иқтисодий сиёсатни ўтказиш, айрим хизматларни марказлаштириш имкониятини яратади. Ҳолдинг бошқа корхоналар аксияларининг пакетларига эгалик қилиш орқали назоратидаги корхоналарнинг директорлар кенгаши, бошқаруви ва бошқа раҳбар органларига ўзи таклиф этадиган номзодларнинг сайланишини таъминлаш имкониятига эга бўлади. Ҳолдингнинг асосий белгиси бир корхона (бош корхона) бошқа корхона ёки корхоналар (шўба корхоналар) томонидан қабул қилинадиган қарорларни назорат қилиш имкониятига эгалигида. Бир қанча корхоналарни бошқаришнинг Ҳолдинг шакли уларнинг мустақиллигини бекор қилиш билан бир корхонага бирлаштириш, бир марказга тўлиқ бўйсундириш ва ўзаро фаолиятни мувофиқлаштириш учун тенг ҳуқуқли корхоналар ассоциациясини ташкил этиш ўртасидаги оралиқ шакл ҳисобланади. Ўзининг ташкилий ҳуқуқий шаклига кўра, Ҳолдинг, одатда, аксиядорлик жамияти қаторига киради. Ўз навбатида, аксарият ҳолларда, Ҳолдинг аксияларига унинг ўзи назорат қиладиган корхоналар эгалик қилади, бу эса корхоналарнинг манфаатларини ўзаро ва Ҳолдинг компания манфаатлари билан уйғунлаштириш имкониятини яратади.

Ўзбекистонда ХХ асрнинг 90-йиллари ўрталаридан ёқилғи саноатида „Ўзнефтгаз“ миллий холдинг компанияси, мебел саноатида „Файз“ холдинг компанияси; озиқ-овқат саноатида „Ўзмевасабзавотузумсаноат холдинг“ компанияси, қишлоқ хўжалиги машинасозлигида „Ўзқишлоқхўжаликмашхолдинг“ компанияси муваффақиятли фаолият олиб боради. Кўп ҳолларда бошқа корхоналар фаолиятини назорат қиладиган (уларнинг аксияларига эгалик қилиш орқали) компаниянинг ўзигина эмас, балки Ҳолдинг орқали ўзаро боғланган юридик шахслар мажмуи ҳам Ҳолдинг деб аталади.

Манбалар[edit | edit source]